Клуб янгиликлари

Шота Арвеладзе: "Ушбу рақиб билан ўйнаш ёқимли ва қизиқарли"

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" бош мураббийи "Насаф" билан учрашувдан кейин матбуот анжуманида иштирок этди.

- "Насаф"га қарши ўйнаш доим ёқимли. Сабаби рақиб ҳужумкор ўйнайди, қобилиятли ёш футболчилар тўп тепишади. Мураббий доим тактик томонлама қийинчиликлар туғдиришга ҳаракат қилади. Биринчи таймда "Насаф" классик услубда ҳужумчи ортидаги схема билан ҳаракат қилди, иккинчи таймда эса схема ўзгарди, 5-2-3га ўтишди. Аммо биз ҳам бунга тайёр эдик ва тактик томонлама ақлли қаршилик қилдик.

Афсуски, "Бунёдкор"даги майдон ҳолати барибир янада яхши ўйнашга имконият бермаяпти. Бундан кейин тикланиши ҳам қийин бўлади. Ўйлайманки, мамлакатда стадионлар ҳолатлари яхшиланиб бораверади. Сабаби ҳужумкор ўйин намойиш этадиган "Бунёдкор" учун ҳам, Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳам сифатли майдон керак.

Жавоҳир Сидиқов профессионал футболчи. Унга доим ишонганман. У деярли бир йил давомида жароҳатидан даволанди. Қўшимчасига операция қилинган жойида икки бор инфекция пайдо бўлди. Пандемия вақтидаги вақт унга қўшимча имконият бўлди. Машғулотлар вақтида жуда яхши ишлайди.

Умид қиламанки, ОЧЛга яхши формада етиб борамиз. Йигитларимиз 3 ҳафта давомида даволанишганини унутманг. Руҳий томонлама ҳам қийинчиликлар бўлди. Бугун йигитлар яна бир бор характер намойиш этишди. Масалан, Черан бугун пенальтини Сергеевга берди. Бу ўзи қўрққанидан эмас, шунчаки Сергеевни қўллаб-қувватлаш учун. Буни мураббийлар ёки бошқа одам айтгани йўқ. Бу жамоа учун муҳим жиҳатлардан бири.