Клуб янгиликлари

"Пахтакор" футболчиларининг Суперлигадаги турли кўрсаткичлари

Клуб янгиликлари

Суперлиганинг жорий мавсумида ортда қолган 9 тур давомида футболчиларимизнинг турли жиҳатлар борасида кўрсаткичлари билан танишиб олинг.

Футболчиларнинг статистикасига эътибор қиладиган бўлсак, Суперлигада ҳаракатларнинг фойдали чиқиши бўйича энг кўп баҳо олган 5 ўйинчининг барчаси "Пахтакор" аъзосидир. Машарипов 303, Черан 278, Анзур Исмоилов 259, Ҳамдамов 254 ва Ҳамробеков 252 балл билан етакчилар қаторида  турибди.

Энг кўп голли вазият яратган футболчи Машарипов жами 19 марта шундай ҳолатни содир этган. Черан ҳисобида эса 17та вазият мавжуд. "Сўғдиёна"дан Жасур Ҳасанов 15, жамоамиздан Фарруҳ Сайфиев 10та ва "Насаф"дан Марко Станоевич 9та вазият юзага келтирган.

Дарвозага аниқ зарба беришда энг яхши 5 кўрсаткич шундай кўриниш олган:
Черан (Пахтакор) - 18
Станоевич (Насаф) - 14
Сергеев (Пахтакор) - 11
Ҳамдамов (Пахтакор) - 11
Убайдуллаев (Металлург) - 10

Тўпни шерикларига аниқ оширишда Ҳамробеков Суперлигада етакчилик қилмоқда. У жами 880 бор (ўртача 98) узатма берган ва аниқлик кўрсаткичи 92 фоизга тенг. Сайфиев 656та (91%), Машарипов 655та (78%), Анзур Исмоилов 570та (94%) ва "Бунёдкор" футболчиси Лутфулла Тўраев 558та (85%) узатма кўрсаткичига эга.

Кескин вазият яратишда ҳал қилувчи узатмани беришда Машарипов жами 34 пас билан пешқадам. Черан, "Локомотив"дан Кахи Махарадзе ва "Сўғдиёна"дан Жасур Ҳасанов ҳисобида 14тадан узатма мавжуд.

Қанотдан тўп ошириш аниқлиги бўйича "Пахтакор"нинг икки қанот ҳимоячиси Сайфиев ва Алижонов етакчилик қилмоқда. Фарруҳда 19, Ҳожиакбарда 16та аниқ узатма бор. Машариповда 14, "Насаф"дан Шерзод Насруллаев ҳисобида 13та аниқ ҳаракат мавжуд.

Тўп учун курашларда умумий устун келиш бўйича Машарипов 100та фойдали ҳаракат билан пешқадам. "Сўғдиёна"дан Искандар Шойқулов 90та, "Қўқон-1912"дан Ойбек Рустамов 86та ҳолатда устун келиш билан кучли учликдан жой олган.

Рақибни алдаб ўтиш борасида Машарипов 62 бор бу ишни уддалаб, пешқадам бўлиб турибди. "Насаф"дан Ойбек Бозоров 37 марта, "Сўғдиёна"дан Жасур Ҳасанов 34 бор, "Бухоро"дан Азиз Аманов 25 ва "Қўқон-1912"дан Қувондиқ Рўзиев 24 ҳолатда шундай ишни уддалаган.

Дарвозабонлар орасида Элдор Суюнов 4 марта "қуруқ" ўйин ўтказиб, бу борадаги энг яхши икки кўрсаткичдан бири соҳиби бўлиб турибди. Суюнов оёқда шерикларига тўпни аниқ етказишда кучли учликдан ўрин эгаллаган. У 73 ҳолатда жамоадошларига аниқ узатма берган. "Локомотив"дан Игнатий Нестеров 91 бор ва "Металлург"дан Александр Лобанов 89 вазиятда бу ишни аниқ ижро этишган.