Клуб янгиликлари

"Пахтакор" афсоналари: Биродар Абдураимов

Клуб янгиликлари
Жамоамиз сафида энг кўп расмий ўйин ўтказган футболчи ва СССР чемпионати олий ҳамда биринчи лига тўпурарига айланган Биродар Абдураимов клуб ва футболимиз афсоналаридан бири саналади.

Унинг "Пахтакор" сафидаги ўйинларини барча фахр билан тилга олади. Абдураимов фамилиясини эшитганда мухлислар кўз ўнгида голга ташна ҳужумчи гавдаланади десак, хато қилмаган бўламиз. У нафақат футболчи, балки мураббий сифатида ҳам катта натижаларга эриша олган.

Биродар Абдураимов 1943 йилнинг 14 майида Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Болалигидан спортга қизиққан Биродар тенгдошлари билан маҳаллада футбол ўйнар, бўш вақт топди дегунча стадион томон ошиқарди. У ёшлигида эркин кураш билан шуғулланиб, ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионига ҳам айланган. Икки спорт туридан футболни танлаган Абдураимов 16 ёшида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига киритилди. Сергей Арутюнов бошчилигидаги бу жамоа Чимкент ва Петропавловскдаги мусобақаларда муваффақият қозонган.

У ҳар бир машғулот пайти залда соатлаб шуғулланар, бурчак зарбасини қойилмақом тарзда тепишни ўзлаштирар, тинкаси қуриса ҳамки, яна ва яна машқ қилаверарди. Шу тарзда Биродар учун омадли йиллар бошланди. Олдинда уни "Пахтакор" кутарди.

Абдураимов 17 ёшидан "Пахтакор"нинг асосий таркибида майдонга тушган ва дебют учрашувида "Қайрат" дарвозасини ишғол қилган. "Пахтакор" учун чемпионатларда умумий ҳисобда рекорд миқдордаги ўйинларни ўтказган - 358та. Жами расмий беллашувларда эса 500дан ортиқ баҳсда 200дан кўпроқ гол муаллифига айланган ва юртимизнинг ХХ асрдаги энг яхши тўпурари деб тан олинган.

1960-74 йилларда "Пахтакор" жамоасининг етакчи ҳужумчиси сифатида ажойиб ўйинлари билан ўзбек номини дунёга танитди. Абдураимов намойиш этган финтлар бутун СССР миқёсида машҳур саналган ва унинг ўйинларини кўриш учун стадионга кўплаб ишқибозлар ташриф буюришган. Қуйида биз санаб ўтадиган фактлар унинг чинакам истеъдод соҳиби эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

Мамлакат чемпионатларида 425 учрашувда иштирок этган, шу жумладан, "Пахтакор" таркибида 358 учрашувда қатнашган.

1968 йили СССР чемпионати олий лигасида 22 гол, 1972 йили биринчи лигада 34 гол билан энг сермаҳсул тўпурарга айланган.

Нуфузли турнирларда 106 та гол киритиб, "Григорий Федотов номидаги тўпурарлар клуби" аъзосига айланган.
СССР кубоги финалчиси бўлган.

1990 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий унвони билан тақдирланган.

1992 йили бош мураббий сифатида Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси билан Ўзбекистон Кубогининг биринчи соҳиби сифатида тарихга кирган.

1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган ХII Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи сифатида чемпионга айланган.

Биродар Ҳасанович Ўзбекистон футболида ўз ўрнига эга Абдураимовлар сулоласига асос солган. Тўнғич ўғли Азамат терма жамоамиз таркибида Осиё ўйинлари чемпиони, бир қатор мамлакатлар чемпионатлари ғолиби бўлган. Яна бир фарзанди Жасур Абдураимов эндиликда "Пахтакор" жамоаси мураббийлар штабида ишламоқда. Ўз вақтида яна бир фарзанди Баҳодир ҳам профессионал даражада футбол ўйнаган. 

Биродар Абдураимов "Шуҳрат" медали (1994), "Ўзбекистон ифтиҳори" (2003) кўкрак нишони, "Фидокорона хизматлари учун" (2006) ордени билан мукофотланган.

Фаолияти мобайнида яна Москванинг "Спартак" ва ЦСКА, Янгиернинг "Мелиоратор" клублари шарафини ҳимоя қилган.