Клуб янгиликлари

Превью. “Пахтакор” – “Металлург”

Клуб янгиликлари

Мавсумда муваффақиятга эришиб келаётган "Шерлар" Суперлига 3-турида "Металлург" билан ўйинда буни давом эттиришга уриниб кўришади.

14 март куни Суперлиганинг 3-турида мухлислар Тошкентда “Пахтакор” ва "Металлург" ўртасидаги қарама-қаршиликка гувоҳ бўлишади.

Чемпионатлар доирасида клублар 46 бор тўқнаш келишган. "Шерлар" 38 беллашувда зафар қучишган, 4 ўйинда "Металлург" ғолиб чиққан. 4 учрашувда жамоалар дуранг ўйнашган. “Пахтакор” 121 гол уриб, ўз дарвозасидан 35 тўп олиб чиққан. Дастлабки турлардан кейин жамоалар турнир жадвали юқори поғоналаридан жой олиб туришибди. Жамоамиз ҳар икки ўйинда зафар қучган бўлса, рақиб бир ғалаба ва бир дуранг қайд этишга эришди.

Тошкентдаги ўйинларнинг 21тасида “Шерлар” устун келишган. 2 учрашувда дуранг кузатилган. Жамоамиз уйдаги баҳсларда "Металлург"га умуман мағлуб бўлмаган. Охирги 8 ўйиннинг барчасида "Пахтакор" ушбу рақибдан устун келган. Сўнгги марта Бекобод жамоаси 2016 йилги мавсумда ўз майдонида 2:0 ҳисобида ғалабага эришган. Ўзаро баҳсларда энг йирик ғалаба - 6:0 натижаси "Пахтакор"га тегишли. 2003 ва 2006 йилларда "Шерлар" рақибни шундай натижалар билан доғда қолдиришган. Йирик ғалабаларимиз сони жами 14тани ташкил қилади.

Беллашувни дисквалификация туфайли "Металлург" ҳимоячиси Андрей Шипилов ўтказиб юборади. "Пахтакор"дан Егор Кримец эса аввалги турдаги дисквалификацияни ўтаб, яна майдонга тушиш имкониятига эга.

"Пахтакор" ва "Металлург" ўртасидаги учрашув 14 март, шанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:15да бошланади. Мухлисларни чиройли футболдан баҳраманд бўлишга чақириб қоламиз.