Клуб янгиликлари

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси "Хотира қанотлари" турнири ғолибига айланди

Клуб янгиликлари

2004 йилда туғилган футболчилар ўртасида 4-9 август кунлари "Пахтакор-79" жамоаси хотирасига бағишлаб ўтказилган "Хотира қанотлари" халқаро турнири ниҳоясига етди.

"Жар" стадионида бугун дастлаб 3-ўрин учун "Пахтакор" ва "Қайрат" академияси тарбияланувчилари майдонга тушишди. Ўйинда ташаббусга эга бўлган жамоамиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Олим Шокиров шогирдлари шу тариқа учинчи поғонани эгаллашди.

Финал баҳсида эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси "Насаф"ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратди. Иккинчи бўлимда урилган гол Азамат Абдураимов шогирдларининг мусобақа чемпионига айланишларини таъминлади.

Мусобақа якунига кўра, энг яхши деб топилган лауреатлар билан танишинг.

Энг яхши дарвозабон - Ҳусан Маҳмудов ("Пахтакор")
Энг яхши ҳимоячи - Жасур Убайдуллаев ("Насаф")
Энг яхши ярим ҳимоячи - Мираз Кобеев ("Қайрат")
Энг яхши ҳужумчи - Шаҳзод Акрамов (Ўзбекистон)
Энг яхши футболчи - Муҳаммадали Усмонов ("Пахтакор")

Тақдирлаш маросимида энг кучли 4 жамоага мусобақа фахрий ёрлиғи, медаллар ва кубоклар топширилди. Маросимда Тўлаган Исоқов, Евгений Валицкий, Наримон Жалолов, Биродар Абдураимов, Шокир Исмоилов, Аҳрол Иноятов, Собир Ходиев, Жаъфар Ирисметов, Шота Арвеладзе, Розиқ Турғунов, Владимир Штерн, Гурам Дараселия, Василис Хадзипанагис, Нуриддин Амриев, Шамил Яфаров, Тўра Шоймардонов каби фахрий меҳмонлар иштирок этишди. Қозоғистоннинг "Актобе" футбол клуби вакили "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзега "Актобе" футбол клуби томонидан "Пахтакор-79" жамоаси хотираси ёдга олинган суратни топширди.