Клуб янгиликлари

Иккинчи давра ғалаба билан бошланди

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Суперлиганинг 14-турида Тошкентда "Қўқон-1912"ни 3:1 ҳисобида доғда қолдирди.

Ўйин бошидан ташаббусга эришган "Шерлар" қулай имкониятлардан фойдалана олишмади. Алижонов ва Сергеевнинг зарбаларига аниқлик етишмади. 22-дақиқада эса Ҳамробековнинг ажойиб ҳаракатидан кейин ҳисоб очилди. Одил марказда рақиблардан ўтиб кетиб, тўпни Машариповга аниқ оширди. Жалол эса яқин масофадан хотиржамлик билан дарвозани ишғол қилди. Танаффусгача натижа ўзгармади.

Танаффусдан кейин ҳужумларга янада зўр берган жамоамиз 6 дақиқа ичида ҳисобни йириклаштирди. 48-дақиқада Машариповнинг қанотдан узатган тўпини Черан боши билан дарвозага йўллади ва чемпионатдаги 16-голини урди. 51-дақиқада эса Жалолнинг бурчакдан оширган тўпини Симич боши билан зарба бериб, голга айлантирди - 3:0. Шундан кейин Черан ва Сергеевнинг қулай вазиятдан уринишлари ноаниқ чиқди. Қўқонликлар 77-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасановнинг аниқ зарбаси билан орадаги фарқни қисқартиришди. 3:1 ҳисобида зафар қучган "Пахтакор" яқин таъқибчисидан 11 очкога ўзиб кетмоқда.

"ПАХТАКОР" - "ҚЎҚОН-1912" - 3:1 (1:0)
26 июль. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 5176 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Қосимов, А.Расулов, Ж.Саидов, А.Эргашев.
Назоратчи: Н.Лутфулин.
Комиссар: Д.Имомхўжаев.
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев, Симич, Аъзамов, Алижонов, Собирхўжаев, Ҳамробеков (Абдуллаев, 72), Бикмаев (Ҳамдамов, 61), Черан, Машарипов, Сергеев (Асқаров, 86).
"Қўқон-1912": Абдуллаев, Ж.Ҳасанов (Ҳакимов, 69), Рўзиев, Маматхўжаев, Рустамов, Бердиев (М.Ҳасанов, 76), Маликжонов, Эркинов (Абдуҳамидов, 87), Мерзляков, Милич, Холмуҳаммедов.
Голлар: Машарипов, 22 - 1:0. Черан, 48 - 2:0. Симич, 51 - 3:0. М.Ҳасанов, 77 - 3:1.
Огоҳлантириш: Рустамов, 64.