Клуб янгиликлари

"Пахтакор-79"ни хотирлаб: Сергей Покатилов

Клуб янгиликлари

Дарвозабон Сергей Покатилов "Пахтакор" дарвозасини муносиб қўриқлаган посбон сифатида тарихдан жой олган.

Сергей Покатилов 1950 йил Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида туғилган. Унинг бўйи баланд бўлгани сабабли ёшлигидан дарвозабон позициясида ҳаракат қилган. У тез ва чаққонлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди. Ашхободда футбол билан шуғулланишни бошлаган. Болалар жамоасида унинг биринчи мураббийи Виктор Надежкин ва Сергей Золотеров бўлган. Шундан кейин, дарвозабонлик сирларини мураббийлар Кузнецов ва Курмашин раҳбарлиги остида ўзлаштирди. 1968 йил Ашхободнинг "Строитель" жамоасида биринчи лигада ўйнашни бошлади. Бу жамоада у 1972 йил охиригача фаолият олиб борди. 1969 йилдан бошлаб Покатиловни СССР ёшлар терма жамоасига таклиф этишди.

Ёш дарвозабоннинг ўйинларини кўрган “Пахтакор” мураббийлари уни клубга чақиришни бошлашди. Унинг ҳар доим охиригача ўйнаши ва ўзини аямаслиги Вячеслав Соловьёвга ёқиб қолади. 1972 йил охирида Сергей Тошкентга келди. Унда "Зенит" ва "Черноморец"дан ҳам таклифлар бўлганди, лекин Покатиловга "Пахтакор" таклифи маъқул келади.

"Пахтакор" таркибида биринчи мавсумнинг ўзидаёқ Сергей 19 ўйинда майдонга тушди. Икки йилда у жамоанинг асосий дарвозабонига айланиб олди, бироқ жароҳат сабабли Сергей икки йилни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. 1975 йил олинган жароҳат натижасида Покатилов елкасидан уч марта операция қилинди. Охири унинг елкасига махсус мослама қўйилди. У фаолиятини шундай ҳолатда давом эттиради. Тинимсиз машқлар қилиб, 1977 йил яна "Пахтакор"нинг биринчи посбонига айланди. Жойини тўғри эгаллаши ва ҳаводаги тўпларга чиқишда муваффақиятли ўйнаши ҳисобига жамоага кўп ёрдам берди.

1979 йил июлида Покатилов Ўзбекистоннинг Спартакиадада ўйнаган терма жамоасига жалб қилинди. Афсуски, маҳорат ва тажрибаси ошиб бораётган паллада у авиаҳалокат сабабли ҳаёт билан видолашди. Мухлислар ёдида у жамоа учун борини берган, шерикларини олға чорлаган посбон сифатида қолди.

Сергей Покатилов Ашхободдаги марказий Кеший қабристонига дафн қилинган.