Клуб янгиликлари

Ислом Аҳмедов "Пахтакор" академиясига директор этиб тайинланди

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" футбол клуби академиясига тажрибали мутахассис Ислом Аҳмедов директор этиб тайинланди.

Янги директор клуб раҳбарияти томонидан академия вакилларига ўтказилган йиғилишда таништирилди. Футболчилик фаолиятида яхши ҳимоячи бўлгани билан ёдда қолган Аҳмедов кейинчалик ёш футболчилар ва мураббийларни тайёрлашда катта хизмат кўрсатиб, ОФК йўриқчисига айланган. Аҳмедовга узоқ йиллар "Пахтакор" тизимида ишлаб келган Валерий Бородавкин ёрдамчи сифатида кўмаклашади.

Бугунги кунда "Пахтакор" футбол академиясида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган 470 нафар тарбияланувчи футбол сирларини ўрганмоқда. 11 ёш тоифаси бўйича иккитадан жамоа фаолият кўрсатмоқда.

Академиянинг асосий мақсадлари қаторидан сифатида ёшларни соғлом тарбиялаш, ёш футболчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини вужудга келтириш, тайёргарлик учун илмий-услубий шароитни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларига юқори савияли футболчиларни тайёрлаб бериш каби вазифалар ўрин олган.

Айни пайтда "Пахтакор" ФК раҳбарияти академияни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Ишни янада яхшироқ йўлга қўйиш учун хориждан мутахассислар таклиф этилмоқда. Бу борада жаҳонга машҳур «DOUBLE PASS» компанияси билан ҳамкорлик ва компания ходимларининг бевосита фаолият кўрсатишини айтиш мумкин.

Ёш ўйинчилар - футболимиз келажаги. Уларни турли услубларни қўллаган ҳолда доимо ўсиб боришларини таъминлаш лозим. Айнан шу сабабли клуб раҳбарияти томонидан академия фаолияти қайта кўриб чиқилмоқда. Янги директор Ислом Аҳмедов мунтазам равишда мураббийлар учун дарслар ўтиб бориши кўзда тутилган.