Клуб янгиликлари

Янги футболчилар таништирилди

Клуб янгиликлари
"Пахтакор" сафига келиб қўшилган 8 нафар футболчи Суперлигадаги мавсум бошланиши арафасида таништирилди.

Янги мавсум олдидан "Шерлар" сафига 8 нафар футболчи келиб қўшилди. Санжар Қувватов, Акрам Комилов, Сардор Собирхўжаев, Достонбек Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков ва Садриддин Абдуллаев жамоамиз билан икки йиллик шартномага имзо чекишган бўлса, Марат Бикмаев шу йил охиригача "Пахтакор" аъзосига айланди. Жавоҳир Сидиқов эса "Қўқон-1912"дан бир мавсумга ижарага олинди.

Ушбу футболчилар "Пахтакор" стадионида клуб академиясининг 2010 йилда туғилган тарбияланувчиларига қарши майдонга тушишди. Сарвар Ҳайдаров мураббийлик қилаётган жами 20 нафар тарбияланувчи асосий таркиб вакилларига қарши беллашувда иштирок этиб, ўз кумирлари билан рақиб сифатида тўп тепиш имкониятига эга бўлишди.

Ўйин якунлангач, янги футболчилар ўз либослари билан кичик фотосессияда иштирок этишди. Бундан ташқари, юртимиз шоу-бизнеси юлдузларидан бири DJ Piligrim "Пахтакор"га бағишланган янги қўшиғини клуб бош директори Дмитрий Адисманга тақдим этди.