Клуб янгиликлари

Александр Лобанов: "Локомотив" билан ўйин финал мақомига тенг"

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" дарвозабони клуб расмий сайти учун интервью берди.

Ўйинга тайёргарлик қандай кетмоқда?
- Тиғиз тақвим пайтида, кейинги учрашувгача кам вақт қолганда руҳан тайёр бўлиш талаб этилади. Жисмоний тарафдан биз ҳар бир ўйин ва рақибга қарши ҳозирмиз. Жамоанинг яхши иштиёқ ва соғлом ақлга эга бўлиши муҳим.

"Локомотив" жиддий рақиб, бу қўшимча иштиёқ беради. Янги қоидага кўра, тўқнашув бир баҳсдан иборат бўлади, бу эса деярли финал дегани. Биз кубокка иккинчи мусобақадек енгил муносабатда бўлмаймиз. Ғалаба Чемпионлар лигасига йўлланма тақдим этади. Чемпионат ёки кубокдан қатъи назар, ҳар беллашувда ғалаба учун майдонга тушиш даркор.

"Локомотив" ҳақида нима дея оласиз?
- Кўплаб учрашувларда майдонга тушганман. Уйда ва сафарда эришилган ғалабалар бўлган. Айниқса, бир неча йил олдин меҳмонда уларни мағлуб этиб, чемпионликни деярли ҳал этганимиз ёдимда.

"Локомотив"га қарши доим тайёргарлик ўзгача ўтади. Уларда яхши жамоа, кучли футболчилар бор. Мавсум бошидаги қийинчиликка қарамай, бу жамоа бизнинг асосий рақибимизга айланди. Уларга қарши бир ўйин билан кўп нарсаларга эътибор қаратиш мумкин.

Суперлиганинг янги формати ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ҳар бир янгиликни аста-секин жорий этиш керак - бу шахсий фикрим. Кўп клублар бундай кескин ўзгаришга тайёр эмасди. Чемпионат иккига бўлиниб кетди: олтиталиккача ва ундан кейинги. Жамоалар икки мусобақада иштирок этишмоқда ва ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишлари керак.

Илгари баъзи жамоалар чемпионлик учун курашган бўлса, бошқалари ўрнини сақлаш учун ўйнашарди. Ўртадаги жамоаларда иштиёқ йўқоларди. Ҳозир барча курашга киришган ва ҳеч қандай кафолатга эга эмас. Охирги турда "Нефтчи"нинг АГМКни мағлуб этгани фарғоналиклар танаффус даврида тайёргарлик кўришга улгуришганини билдиради. Энди улар Суперлигада қолиш учун курашишмоқда. Чемпионат савияси ошди ва ўртамиёна жамоалар кўпроқ иштиёққа эга.

Суперлиганинг ушбу босқичи бўйича тахминингиз қандай?
- Биз чемпионат ва кубокда фақат ғалаба учун кураш олиб борамиз. Охирги тургача бўшашмаймиз, бунга рақиблар ҳам имкон беришмайди. Барча клубларга омад, ўзимизга эса чемпионликни тилайман.