Клуб янгиликлари

Машғулотларда қўлланилаётган замонавий технологиялар

Клуб янгиликлари

"Пахтакор" футбол клуби раҳбарияти жамоага барча қулай шароитларни муҳайё этишга эътибор бермоқда.

Ўтган йилдан бошлаб "Catapult" фирмасининг янги техникасидан ўйинчиларнинг машғулот ва учрашув пайтидаги умумий жисмоний ҳолатини аниқ кузатиш мақсадида фойдаланиш бошланган. Ушбу техника ёрдамида футболчининг ҳар кунлик ҳолатини қайд этиб бориш мумкин. Машғулот ва учрашувларда юрак уриши ўзгариши, ўйинчи босиб ўтган масофа, энг юқори ва ўртача тезлиги, танасидаги ўзгаришларни билиб бориш имконияти мавжуд. Бу эса маълум бир вақтда қайси футболчининг яхшироқ жисмоний тайёргарликка эга эканлигини аниқлашда қўл келади. Уларнинг соғлиғида юзага келаётган муаммоларни билишга ёрдам беради. Айни пайтда бутун дунёда футболчиларнинг саломатлигига катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий технологиялар эса ишнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурган.

Бугунги кунда компания техникасидан 35 спорт турида 1520дан ортиқ жамоалар фойдаланади. Футболда Бразилия терма жамоаси, "Севилья", "Челси", "Селтик", "Ливерпуль", "Лестер", "Милан", "Бавария" ва "Фенербахче" каби машҳур жамоалар "Catapult" технологиялари ёрдамида футболчилар ҳолатини назорат қилади.

Шунингдек, махсус велосипед жиҳози ҳам харид қилинган бўлиб, унда футболчининг юрак уриши, сарфлаган энергияси ва босиб ўтган масофасини билиб олиш мумкин.
Футболда профессионаллик клуб ва жамоага ишлаши учун барча зарур шароитларни яратишдан бошланади. "Пахтакор" футбол клуби айнан шу йўлда ҳаракатларини давом эттиради.