03-04-10
"Навбаҳор" меҳмони бўлган "шерлар" сафардан муҳим уч очко билан қайтишди.
Наманганда ушбу учрашувга қизиқиш жуда юқори даражада бўлди. "Марказий" стадионга беллашувни кузатиш учун 40 минг атрофида ишқибознинг ташриф буюргани ҳам буни кўрсатиб турибди. Мухлислар билан лиқ тўлган стадионда мезбонларга қаршилик кўрсатиш жуда қийин бўлади. Шунга қарамай, Миодраг Радулович бошчилигидаги жамоамиз муҳим зафарга эришиб, ўз ҳисобига яна бир уч очкони ёзиб қўйди.
Жамоа таркибида бир қатор ўзгариш бўлиб, дарвозадан Элдор Тожибоев ўрин эгаллади. Жўраев Исфахондаги беллашувда енгил мия чайқалишини бошдан кечиргани сабабли бу сафар ўйнай олмади. Ўнг қанот ҳимоясида Мурод Холмуҳаммедов ҳаракат қилиб, таянч футболчиси ўрнига Камолиддин Тожиев ўтказилди. Ҳужумда эса Алишер Азизов ўйнади.
Биринчи таймда тўп билан муомала қилиш борасидаги устунлик жамоамиз тарафида бўлди. Уюштирилган ҳужумлар 19-дақиқада бурчакдан Андреев етказиб берган тўпни ҳимоячилар жарима майдонидан узоқлаштиришга интилишди. Тўп Геворкянга бориб тушди ва Артур уни кучли зарба билан дарвоза сари тепди. Бу вазиятда тўпни тўхтатиб олган Азизов уни дарвоза тўрига аниқ йўллади. Шу тариқа ҳисобда футболчиларимиз олдинга чиқиб олишди. Қолган дақиқалар мобайнида "шерлар" тўпни ўз назоратлари остида ушлаб туришди.
Иккинчи бўлимни ҳам жамоамиз кўтаринки руҳда бошлади. Азизов 55-дақиқада яккама-якка ҳолатда мезбонлар посбонини доғда қолдира олмади. Бир оз ўтгач, майдон эгалари ижросидаги хавфли жарима зарбасини Тожибоев қайтариб қолди. Шундан кейин "Навбаҳор" ҳам, "Пахтакор" ҳам бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтирди, лекин улардан фойдаланиш ҳеч кимга насиб этмади. Шундай қилиб, Азизовнинг мавсумдаги тўртинчи голи жамоамизга чемпионатдаги иккинчи ютуқни келтирди.
Ўзбекистон чемпионати, 3-тур
Наманган, "Марказий" стадиони, 40 000 томошабин.
"Навбаҳор" - "Пахтакор" - 0:1 (0:1)
Гол: Азизов 19.
"Пахтакор": Тожибоев, Суюнов, Миладинович, Клецков, Холмуҳаммедов, Тожиев, Жадигеров (Ўрунов 90), Андреев (Каримов 65), Геворкян, Аҳмедов, Азизов (Шихов 80).