22-08-10
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳар икки бош мураббий ўз фикрларини айтиб ўтишди.
Равшан ҲАЙДАРОВ (“Пахтакор” бош мураббийи): - Бу мавсум “Шўртан” билан ўйнашимиздан аввал йўқотишларга дуч келяпмиз. Бу сафар ҳам шундан мустасно бўлмади. Гейнрих ва Аҳмедовнинг йўқлиги билинди. Тўпни назорат қилиш борасида бу яққол кўзга ташланди. Бугун ҳисоб учун ўйнадик десам бўлаверади. Яъни, унчалик ёрқин ҳаракат қилмадик. Ғузорликлардан айнан Кубокдаги беллашувлар учун ўч оламиз деб тушмаганмиз. Лекин йигитларнинг кўнглида барибир шундай туйғу бўлиши мумкин. Умумий жиҳатдан қараганда, биз рақиб кимлигидан қатъий назар ғалаба учун майдонга тушардик. Зайниддин Тожиев билан “Пахтакор”нинг муносабатлари доимо ижобий. У Қозоғистонга йўл олаётган пайтда ҳар эҳтимолга қарши Тожиевни заявкага киритиб қўйгандик. Зайниддин юртимизга қайтишни маъқул кўрди. Машғулот ўтказаётган пайтда кичик жароҳат олгани учун унинг исми протоколдан олиб ташланди. Дарко Маркович эса белида жароҳат борлиги сабабли таътилни узайтиришни сўраган. Лекин аслида у қандай хаёлда юрганини билмайман. Эҳтимол, янги жамоа қидираётгандир. Дарко қачон қайтадиган бўлса, уни текшириб кўрамиз ва сафга қайтаришимиз мумкин.
Эдгар ГЕСС (“Шўртан” бош мураббийи): - Ўйинда мезбонлар яққол устунлик қилишди дея олмайман. Биз майдонда назорат ўрнатдик, аммо бу бизга фойда келтирмади. Яратилган вазиятлардан фойдалана олмаганимиз қимматга тушди. Охирги дақиқаларда эса Аҳмедов гол урган ҳолатда ҳимоячилар уни эътиборсиз қолдиришди. Мен учун жамоамнинг тўп билан муомалада бўлиши жуда ҳам муҳим. Чунки шундагина жамоавий ўйин яхши тарзда йўлга қўйилади. Биз шуғулланамиз ва футбол ўйнаймиз. Ҳакамлар ҳақида гапириш менинг услубим эмас. Уларга баҳо берадиган назоратчилар ва қўмита бор. Ҳозир жамоамнинг учинчи ўринни эгаллашга имконияти борлиги тўғрисида гапиришмоқда. Ҳозиргача “Шўртан” ҳақида бундай гаплар бўлмаганди. Демак, клубда ривожланиш бор. Учинчи ўринни олмаган тақдиримизда ҳам биз юқори поғоналардан биридан жой эгаллаймиз. Шунинг ўзи ҳам жамоа учун ютуқ саналади. Айни пайтда футболчиларнинг руҳий ҳолатини яхши ҳолатга келтириш устида ишлашимиз керак. “Пахтакор” мамлакатнинг энг яхши клубларидан бири. Ушбу жамоада академия яхши ишламоқда ва бу асосий таркибга катта фойда келтирмоқда.
|